Корпоратив фаолият

Акциядорлар умумий йиғилиши

Акциядорлар умумий йиғилиши

  1. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи жамиятнинг бошқарув органларидир.
  2. Акциядорларнинг умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

  1. Жамиятимизда акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши жамият уставида белгиланган муддатларда, аммо молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгашини жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи, ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалалар ҳал этилади, жамиятнинг йиллик ҳисоботи жамият ижроия органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.
  2. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.
  3. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
  4. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

жамиятнинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган сана;

умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;

умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни ва давлат вакилини таништириш тартиби.

  1. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) жамиятнинг йиллик ҳисоботи, жамиятнинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари юзасидан жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, жамият кузатув кенгашининг директор (бошқарув раиси), ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, шартномани қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек жамиятнинг кузатув кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига (тафтишчилигига) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, жамиятнинг уставига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси киради.
  2. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши мажбурий бўлган қўшимча ахборотнинг (материалларнинг) рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин.
  3. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кам ва ўттиз кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас.
  4. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра унинг ўз ташаббуси асосида, тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) ёзма талаби, шунингдек ёзма талаб тақдим этилган санада жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талаби асосида ўтказилади.
  5. Жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талабига кўра акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақида ёзма талаб тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
  6. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабаблари кўрсатилган ҳолда таърифланган бўлиши керак.
  7. Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра чақириладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибидаги масалаларнинг таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.
  8. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядордан (акциядорлардан) чиққан тақдирда, бу талабда умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми-шарифи (номи), унга тегишли акцияларнинг сони, тури кўрсатилган бўлиши лозим.
  9. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.
  10. Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
  11. Жамият кузатув кенгаши белгиланган муддат ичида акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда ёки уни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни чақиришни талаб қилган шахслар томонидан чақирилиши мумкин. Бундай ҳолларда акциядорларнинг умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра жамиятнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

 

 

Кузатув кенгаши мажлиси

 

  1. Жамиятимиз хар чорак тамоми бўлгандан кейин 60 кун ичида кузатув кенгаши йиғилиши ўтказилади. Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, Қонун ва жамият устави билан акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
  2. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига Қонун ва жамият уставига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.
  3. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.